Афғонистон ва Покистон чегараси яқинида юз берган зилзила оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Reuters хабарига кўра, зилзила эпиценти жойлашган Афғонистонда 17 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Камида 55 киши тан жароҳати олган. Қайд этишларича, қурбонлар сони янада ошиши мумкин.
Хабарларга кўра, ҳалок бўлганларнинг 12 нафари маҳаллий мактаблардан бирида таълим олувчи ўқувчи қизлардир — зилзиладан сўнг мактабда тиқилинч юзага келган.
DAWN хабарига кўра, Покистон шимолида камида 52 киши ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганларнинг деярли барчаси томи ва деворлари ер силкиниши оқибатида қулаган биноларнинг ичида бўлган.
«Тошкент» марказий сейсмомаркази хабарига кўра, эпицентрда зилзила магнитудаси 7,5 баллга тенг бўлган. 40 дақиқадан сўнг 4,8 балли афтершок кузатилган, яна афтершоклар юз бериши эҳтимоли бор.
Изоҳ (0)