Миср расмийлари 25 октябрь, якшанба куни Қоҳира яқинида жойлашган қадимий эҳромлар, жумладан, Гизадаги буюк эҳромларнинг янги, кенг кўламдаги ўрганиш бошланишини эълон қилади. Лойиҳа тўғрисида махсус матбуот анжуманида Миср қадимий обидалар ва маданий мерос вазири Мамдух ад-Дамати батафсил ахборот бериши кутилмоқда. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
Маълумотларга кўра, янги тадқиқотлар эҳромларга ўта сезувчан датчиклар ўрнатиб, коинот нурлари ёрдамида сканердан ўтказишдан иборат бўлади. Олимлар шундай усул билан эҳромларнинг қалин деворларини нурлантириш ва уларнинг тузилишини ўрганиб, харитасини тузишни режалаштирган.
«Эҳромлар олдин ҳам ўрганилган, аммо уларда ҳали сир-асрор кўп, уларнинг қандай қурилганини ўзи жумбоқ. Коинот нурлари ёрдамида тадқиқот ўтказишдек янги технологиялар биринчи бор қўлланиши, бунда бизга японлар кўмак беради», — дея таъкидлаган ад-Дамати.
Обидаларни сканердан ўтказиш келгуси ойдан бошланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)