Канадалик кўзи ожиз аёл ноёб жарроҳлик амалиётидан сўнг қисман кўриш қобилиятига эга бўлди, деб ёзмоқда The New York Post нашри. Унинг чап кўз косасига ўзидан олинган тиши жарроҳлик йўли билан ўтказилган.

75 ёшли Геил Лейн ўн йил аввал автоиммун касаллик туфайли кўрмай қолган эди. У Канадада остео-одонто кератопротез жарроҳлиги (“кўзга тиш қўйиш”)ни амалга оширган илк уч нафар бемордан бири бўлди.
Операциядан сўнг Лейн дастлаб ёруғликни пайқай бошлаган, кейин уйидаги ёрдамчи ити — қора лабрадорнинг думини силкитаётганини кўра олган. Унинг сўзларига кўра, шу кундан бошлаб кўриш қобилияти аста-секин яхшиланиб бормоқда.

“Энди мен кўплаб рангларни ажрата оляпман ва ташқарини кўра оляпман. Дарахтлар, майсалар ва гуллар буларнинг барини яна кўра олиш ажойиб туйғу”, дейди аёл.
Операциядан олти ой ўтиб Лейн кўриш қобилияти йўқолгандан кейин танишган жуфти Филнинг юзини ҳам кўришга муваффақ бўлди.

Ванкувердаги Mount Saint Joseph касалхонасининг офталмологи доктор Грег Молони бу ноёб операцияни Канадада биринчи бўлиб амалга оширган шифокорлардан. Унинг айтишича, жарроҳлик аввалида беморнинг тиши олиниб, бир неча ойга ёноқ ичига “экилади”. Шу вақт ичида тиш атрофида мустаҳкам тўқима ҳосил бўлади. Сўнг тиш ва унинг атрофидаги тўқима ёноқдан олиниб, кўзнинг оқ қисми ичида кичик тешик очилади ва унга линза ёки пластик фокусловчи телескоп жойланади.

“Бу мураккаб ва ноодатий амалиёт, лекин унинг асосий вазифаси шох пардасини алмаштиришдир. Асосий мақсад — фокусловчи телескопни мустаҳкам ушлаб турадиган, аммо организм томонидан рад этилмайдиган тузилма яратишдир”, дейди хирург.
Изоҳ (0)