Олимларнинг халқаро гуруҳи Галапагос оролларида яшовчи баҳайбат тошбақаларнинг янги турини аниқлади. Бу ҳақда PLOS One илмий журнали сайтида эълон қилинган тадқиқотда маълум қилинган.
Янги тур «Ёлғиз Жорж» лақабли Абингдон тошбақаларининг охирги вакилига қаровда жонкуярлик қилган Фаусто Йерена шарафига Chelonoidis donfaustoi деб номланди.
Кашфиёт ДНК таҳлили ёрдамида амалга ошди. 2002 йили бошланган изланишлар бир турга мансуб деб ҳисоблаб келинган тошбақалар аслида икки турга тегишли эканлигини кўрсатди. Тадқиқотларда иштирок этган эквадорлик олим Уошингтон Тапиянинг айтишича, янги тур вакилларининг сони 250—300 та атрофида.
Chelonoidis donfaustoi’ни ҳисобга олганда Галапагос оролларида баҳайбат тошбақаларнинг жами 11 тури истиқомат қилмоқда. Уларни асосан Санта-Крус ороллари шарқида учратиш мумкин.
Июль ойида АҚШда чоп этиладиган саёҳатлар журнали ўқувчилари ўртасида ўтказилган сўровда Эквадорнинг Галапагос архипелаги дунёнинг энг манзарали ва сайёҳлар учун қизиқарли ороли деб топилганди.
Изоҳ (0)