Акселератор нима билан шуғулланишини батафсилроқ кўриб чиқамиз. Мақолада ёзилган нарсаларнинг барчаси StartupFactory.uz’га ҳам тегишли.
Акселератор — бизнеси бошқа компанияларга (акселератор резидентларига) ёрдам беришдан иборат бўлган компания.
Акселераторлар резидентларга жамоага бизнес-моделни «чархлаш»да, зарур контактларга эга бўлишда ва савдони оширишда ёрдам берадиган дастурни таклиф қилади. Дастур уч ойдан ярим йилгача давом этади. Одатда, акселераторнинг коворкинги бўлиб, резидент компаниялар акселерация чоғида ўша ерда бўлади.
Акселераторлар компанияда улушга эга бўлиб, кейинроқ ушбу улушни сотишдан даромад олади. Масалан, акселератор N лойиҳасидан 10 фоиз ҳажмида улушга эга бўлди. N лойиҳаси акселерация дастуридан ўтди, ўсди ва бозорнинг кўзга кўринадиган иштирокчисига айланди. ХХХ корпорацияси ушбу стартапни 10 миллион долларга сотиб олишга қарор қилди. Бу ҳолатда акселератор харид қийматининг 10 фоизи — 1 миллион долларга эга бўлади.
Акселераторлар орасида Y-Combinator энг биринчи бўлиб яратилган. Унга 2005 йилда Бостонда Пол Грэм асос солган. Улар уч ойлик бизнес-дастурлар ва кичик инвестицияларни таклиф қилган. Ўзбекистондаги биринчи акселератор эса 2015 йилдагина пайдо бўлди.
Акселератор стартапларга қандай ёрдам беради?
- Бизнес соҳасида таянч билимга эга бўлиш. Ўзбек стартаплари учун бу айниқса муҳим. Бизда кўпчилик бизнес нима эканлиги, у қандай яратилиши, монетизация нималигини умуман тушунмайди. Кўп кишилар қандайдир мобил дастурни яратиш кифоя, у ёғига ўзи пул ишлаб топаверади, деб ўйлайди. Мана шундай ёш тадбиркорлар учун бизнес-дастурлар жуда муҳим.
- Акселераторнинг ўзи лойиҳанинг муваффақият қозонишини кафолатламайди, бироқ янги имкониятларни очади. Бу худди мактабдан олий таълим муассасасига ўтишга ўхшайди: имтиҳондан йиқитишлари мумкин, ёки аъло натижаларни кўрсатишингиз мумкин. Агар жамоа лойиҳага бутунлай шўнғиб кетса, KPI’ни бажарса, устозларни тўғри танлай билса, бутун бизнес-стратегияни ўйлаб чиқса, унда акселераторни ўраб турган ҳамжамиятга унинг муваффақиятлари сезилади.
- Инвесторлар акселераторлардан яхши лойиҳаларни кўз остига олиб қўяди (бироқ бу инвестицияларни кафолатламайди). Ҳар бир акселераторнинг манфаатдор инвесторлардан иборат ўз базаси бўлади.
Мақолани тайёрлашда қуйидаги манбадан фойдаланилди: http://rusbase.com/howto/accelerate/
Лойиҳа «Дарё» ва StartupFactory.uz томонидан ишга туширилган.
Изоҳ (0)