Тошкент шаҳрининг Қорақамиш даҳасида Инкассация хизматининг Captiva русумли автомобили ариққа тушиб кетди. Ҳодиса жойидан олинган фотосурат Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида эълон қилинган.
Фотохабар остида фикр билдирган фойдаланувчиларнинг аксарияти инкассация хизмати ҳайдовчилари «энг сурбет ва бетартиб» эканлигини ёзган, улардан бири эса Captiva ҳайдовчиси олдиндаги машинани қоидага зид равишда ўнг томондан қувиб ўтишга уринган вақтида ариққа тушиб кетган, деб гумон қилган.
Автомобильнинг олд ғилдираги қандай қилиб ариққа тушиб кетгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида ҳеч ким жабрланмаган, автомобиль тезда ариқдан чиқариб олингани айтилмоқда, бироқ унга қандай зарар етгани маълум қилинмаган.
«Хурсанд бўлишга сабаб йўқ, машина давлатники», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири. Бошқа бир фойдаланувчи эса инкассация хизмати ҳайдовчиларини «солиқ тўловчиларнинг пулига олинган машиналарни эҳтиётроқ бўлиб ҳайдашга» чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ интернет фойдаланувчилари инкассатор машиналарининг йўл қоидаларини бузиши устидан шикоят қилиб, қоидабузар ҳайдовчиларнинг машиналари суратларини ижтимоий тармоқларга жойлаштирганди.
Изоҳ (0)