GM Uzbekistan автомобиль заводи Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда вазирлик техника паркини тўлдиришга хизмат қиладиган, енгил синфга оид авария-қутқарув машиналарини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати «Дарё»га хабар қилди.
Келгуси йили ишлаб чиқарилиши режалаштирилган янги техника турли шошилинч вазиятларда фавқулодда хизматларнинг ҳаракатчанлиги ва тезкорлигини таъминлашга мўлжалланган. Янги автомобиль махсус лойиҳалаштирилган техник бўлмали Damas базасида тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, 5 нафар экипаж аъзоси бемалол жойлашадиган транспорт воситаси қутқарув ишлари жараёнида фойдаланиладиган барча зарур ускуна ва аслаҳа-анжомлар билан ҳам таъминланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, енгил авария-қутқарув транспортини тўлдириш ва жиҳозлаш ишларини мазкур соҳага ихтисослашган бошқа компаниялар амалга оширади. ФВВнинг Республика миқёсидаги мавжуд барча 17 та авария-қутқарув бўлинмасида 2—3 тадан худди шундай жиҳозланган енгил автомобилларга эҳтиёж борлиги туфайли ушбу енгил авария-қутқарув техникасининг дастлабки лойиҳаси айнан, шу соҳа ходимлари томонидан ишлаб чиқилган.
«Ўзавтосаноат» АК ахборот хизматининг қайд этишича, яқинда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги JV MAN Auto-Uzbekistan қўшма корхонасида MAN шассиси базасида бунёд этилган катта синфга мансуб махсус транспорт воситалари ва Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган ўрта синфга мансуб Isuzu техникаларини харид қилган эди.
Изоҳ (0)