Франция Миллий ассамблеяси депутати, Миллий ассамблеядаги «Франция – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Филипп Мёне раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Франция делегацияси Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида учрашувлар ўтказди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 20 октябрь куни вазирлик раҳбари Абдулазиз Камилов Мёне бошлиқ делегацияни қабул қилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлиги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Қайд этиш жоиз, Франция парламенти вакиллари, «Франция – Ўзбекистон» парламентлараро дўстлик гуруҳи аъзолари юртимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларда мунтазам иштирок этмоқда.
«Франция Ўзбекистон билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва янада кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ва Франция ижтимоий-сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. Алоқаларимизни янада равнақ топтириш, ўзаро манфаатли янги қўшма дастурларни амалга ошириш ниятидамиз», – деди Филипп Мёне.
Олий Мажлис Сенатида бўлган учрашувда Ўзбекистон ва Франция парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди. Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон—Франция мулоқотининг ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни қонуний қўллаб-қувватлашнинг ҳозирги ҳолати ва уни янада ривожлантиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг қайд этишича, Франция парламентининг нуфузли вакилларидан иборат делегация Тошкент шаҳрида Савдо-саноат палатасида ҳам учрашув ўтказади.
Изоҳ (0)