Тошкентдаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида «Челленжер» туркумига кирувчи, мукофот жамғармаси 125 минг доллардан иборат мусобақанинг асосий тўр баҳслари старт олди. Бу ҳақда «Оламспорт» хабар бермоқда.
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин мусобақанинг биринчи ракеткаси сифатида қайд этилган. У илк давра баҳслари доирасида 13 октябрь куни беларуслик Владимир Игнатикка қарши кортга чиқади.
Ўзбекистоннинг иккинчи ракетаси Фаррух Дўстов эса 12 октябрь куни ўзининг илк учрашувини ўтказди. Босния ва Герцеговина вакили Алдин Сеткичга қарши кортга чиққан ўзбекистонлик теннис устаси 6:2, 7:5 ҳисобида зафар қучди.
Яна бир Ўзбекистон вакили Шониғмат Шофайзиев эса жаҳон рейтингида 70-поғонадан жой олган беларуслик Сергей Бетовга 4:6, 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди.
Яккалик баҳсларининг асосий тўрида ўзбекистонликлардан Темур Исмоилов ҳамда Жўрабек Каримов ҳам иштирок этади. Исмоилов илк босқичда россиялик Александр Кудрявцев билан, истеъдодли Жўрабек Каримов эса исроиллик Амир Вейнтрауб билан ҳисоб-китоб қилади.
Изоҳ (0)