Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) президенти Мишель Платини Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Йозеф Блаттердан гўёки 1999—2002 йилларда ФИФАда ишлагани учун 2 миллион Швейцария франкини оғзаки келишув асосида олган. Ишни муайян маблағ эвазига бажариш ҳақида ёзма шартнома бўлмаган. Бу ҳақда Британиянинг The Guardian нашри ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига таяниб хабар бермоқда, деб ёзади «Ведомости».
Блаттер ва Платини терговчиларга улар ўртасидаги битим оғзаки бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, Швейцария қонунчилигига кўра, ишчи тўловни олиш учун беш йил ичида даъво қилиши мумкин, бироқ маблағ 2011 йилдагина кўчирилган. Айнан шу икки факт жиноят иши қўзғаш учун сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Швейцария 24 сентябрь куни ФИФА раҳбари Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий тергов бошлаган эди. Уни масъулиятсизлик ва мол-мулкни ноқонуний ўзлаштириб олишда айблашмоқда. Блаттер федерация учун фойдасиз бўлган телетрансляция шартномасини тузишда гумон қилинмоқда. Шартнома 2005 йилда КОНКАКАФнинг ўша пайтдаги раҳбари Жек Уорнер билан имзоланган. Бундан ташқари, ФИФА президенти УЕФА раҳбари Мишель Платинига ноқонуний пул ўтказганликда шубҳа қилинмоқда. Бунда гап икки миллион франк ҳақида бормоқда. Ушбу суммани Блаттер 2011 йилда тўлаган.
УЕФА президенти Мишель Платинига пул ўтказиш ҳақида гапирар экан, Блаттер унинг ФИФА билан 1998 йилдан буён президент маслаҳатчиси сифатида ҳамкорлик қилиб келишини, тўлов эса унинг иши учун берилган қонуний компенсация эканлигини қайд этган.
8 октябрь, пайшанба куни халқаро футбол федерацияси ахлоқ қўмитаси Блаттер, УЕФА президенти Мишель Платини ва ФИФА бош котиби Жером Валькени лавозимлари ҳамда футболга оид барча фаолиятдан 90 кун муддатга четлатди. Блаттер ва Платини мазкур қарор юзасидан аппеляция берди.
Изоҳ (0)