Буюк Британия расмийлари мамлакат Европа Иттифоқи таркибида қолиш шартларини маълум қилди. Бу ҳақда «The Telegraph» маълумотларига таяниб, «Эхо Москви» хабар берди.
Бош вазир Дэвид Кэмерон маҳкамаси бу шартларни тўртта бандга жамлаган. Биринчидан, Брюселль Бирлашган қиролликни Европада супердавлат қуришга тортмаслиги лозим. Иккинчидан, ЕИ раҳбарияти евро ҳамжамиятнинг ягона валютаси эмаслигини расман тан олиши керак. Учинчидан, Буюк Британияга ЕИ қабул қилаётган қонунларни инкор қилиш ва мавжуд ҳуқуқий меъёрларни бекор этиш имконияти берилиши зарур. Тўртинчидан, евро миллий валюта бўлмаган 9 мамлакат Иттифоқдаги қолган 19 та давлат устунлигидан ҳимоя қилиниши лозим.
Лондон мазкур шартлар мақбул вариант эканлиги ва Брюссель билан ўзаро муросага келиш мумкинлигига ишонмоқда. Олдинроқ бош вазир Дэвид Кэмерон мамлакат Иттифоқ таркибида қолишини истаётганлиги ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британия ЕИда аъзолик юзасидан 2017 йил охирида умуммиллий референдум ўтказишни ҳам режалаштирган.
Изоҳ (0)