2015 йил учун тинчлик бўйича Нобель мукофоти «Тунисдаги миллий мулоқот квартети» ташкилотига топширилади. Бу ҳақда 9 октябрь, жума куни Норвегия Нобель мукофоти қўмитаси раиси Каси Куллманн Фиве маълум қилди, дея хабар беради «РИА Новости».
«2013 йили, мамлакатдаги демократия жараёнлари хавф остида қолган пайтда ташкил этилган «Квартет» Тунис фуқаролик жамиятининг энг муҳим тўрт ташкилотини ўз ичига олади, — дея таъкидланади қўмита томонидан тайёрланган пресс-релизда. — Унинг фаолияти туфайли Тунис фуқаролари, сиёсий партиялар ва давлат тизимлари ўртасида мулоқот йўлга қўйилди. Бунинг натижасида Тунисда зўравонликларга чек қўйиш имкони туғилди».
Швед ихтирочиси Альфред Нобель истагига кўра, тинчликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун мукофот Стокгольмда эмас, Ослода эълон қилинади ва топширилади. Жами бешта йўналишдаги лауреатларни тақдирлаш маросими эса доим бир кунда — 10 декабрь, Нобель вафот этган санада ўтказилади.
Изоҳ (0)