Тожикистоннинг «Сафина» давлат телеканали орқали мухолифатдаги Тожикистон ислом уйғониш партияси (ТИУП)ни бир қатор давлат муассасаларига ҳужумларни уюштиришда айбловчи кўрсатув эфирга узатилди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Хусусан, кўрсатувда қайд этилишича, ТИУП Тожикистон телевидениесининг Биринчи канали, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биноларини, шунингдек, Душанбе халқаро аэропортини эгаллаб олишни режалаштирган. Бунга далил сифатида ТИУПнинг Душанбедаги идорасидан олинган ҳужжатлар кўрсатилган.
Телеканал томонидан, шунингдек, гўёки ТИУП сиёсий кенгаши томонидан тайёрланган ва партия тарафдорларига қаратилган мурожаат матни ҳам кўрсатилган, унда «бир неча кундан сўнг Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон тузумига қарши курашга туриш» чақируви бор.
17 сентябрь куни Тожикистонда ТИУПнинг 13 фаоли, хусусан, партия раҳбарияти аъзолари ҳибсга олинди. Улар мамлакат мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари, генерал Абдуҳалим Назарзода томонидан ташкил этилган ноқонуний қуролли гуруҳга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
4 сентябрь куни Абдуҳалим Назарзода мудофаа вазири ўринбосари лавозимидан «жиноятлар содир этгани учун» бўшатилган эди. Шундан сўнг, Душанбе ва Ваҳдатдаги милиция постларига кетма-кет ҳужумлар юз берди.
Кейинчалик Тожикистон ҳукумати мазкур ҳужумлар ортида Назарзода бошлиқ тўда турганини эълон қилди ва бир ярим ҳафта давомида Рамит дарасида исёнчиларга қарши қуролли кураш олиб борилди. 16 сентябрь куни Назарзода йўқ қилингани расман тасдиқланди.
Изоҳ (0)