Ўзбекистон халқ артисти, ўзбек кинематографиясининг олтин фондидан ўрин олган кўплаб фильмларнинг бош рол ижрочиси, дубляж санъатининг моҳир устаси Обид Юнусов бугун, 21 сентябрь куни 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар бермоқда.
Обид Юнусов 1934 йил 20 ноябрда туғилган – актёр, Ўзбекистон халқ артисти (1990). Юнус Ражабийнинг ўғли. Тошкент театр ва рассомлик санъати иниститутини тугатган (1956). 1956—1998 йиллар Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да ишлади.
Эркин («Айтсам тилим, айтмасам дилим»), Қаюм («Юрак ёнмоғи керак»), Холмат («Бой ила хизматчи»), Аббос («Мирзо Улуғбек»), Маъмур («Келинлар қўзғолони»), Кирилл («Оқшомдан тушгача»), Ёрмат («Қутлуғ қон»), Сино («Абу Али ибн Сино»), Ўткурий («Парвона») каби образлари билан театр саҳнасидан мустаҳкам ўрин олди. У бир қанча фильмлар («Армон», «Тўйлар муборак», «Чинор остидаги дуэл», «Чаён гул», «Шайтанат», «Шарпа» ва бошқалар)да ҳам суратга тушган.
Дубляж санъатининг моҳир устаси сифатида танилган. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989), »Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган (2003).
«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, Ўзбекистон киноарбоблар бирлашмаси Ўзбекистон халқ артисти Обид Юнусовнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ (0)