Ўзбекистонлик боксчи, WBA талқини бўйича «мунтазам» жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг фикрича, россиялик боксчи Александр Поветкин супероғир вазн тоифасида учта нуфузли йўналиш бўйича жаҳон чемпиони ҳисобланган украиналик Владимир Кличкога қарши жангдан сўнг катта ўсишга эришди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Саша — яхши боксчи. У айнан Владимир Кличко билан жангдан сўнг катта ўсишга эришди. У реванш жангини ўтказишни хоҳлаётганини тушуниш мумкин. Унинг Уайлдер билан бўлажак жанги ҳақида тўхталадиган бўлсам, бунда имкониятлар ҳақида гапириш ўринли эмас. Кўрамиз, бу бокс», — деди Чагаев.
Поветкин ва Кличко ўртасидаги аввалги жанг 2013 йил кузида Москвада бўлиб ўтган ва унда россиялик спортчи очколар бўйича мағлуб бўлганди. Поветкиннинг ўзи украиналик боксчига қарши реваншни фаолиятининг энг асосий мақсади, деб ҳисоблайди.
Маълумот учун, Чагаев Поветкин билан 2011 йили рингда тўқнаш келган ва ўшанда ҳакамларнинг якдил қарори билан россиялик боксчи ғолиб деб топилган.
Изоҳ (0)