Дэвис Кубогининг жаҳон лигасига чиқиш учун плей-офф босқичида Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасидаги баҳслар бошланди. Тошкент мезбонлик қилаётган қарама-қаршиликнинг дастлабки ўйини якунига етди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин меҳмонларнинг иккинчи рақамли теннисчиси Стив Жонсонга қарши кортга чиқди. Тўрт соатга яқин давом этган баҳсда Истомин ғалаба қозонишга муваффақ бўлди.Денис биринчи сетда ортиқча муаммога дуч келмади — 6:1. Иккинчи сетда эса Жонсон фаоллик ва тажовузкорликни ошириб, вазиятни тенглаштирди — 6:4.
Учинчи ва тўртинчи сетлар тай-бреккача давом этди. Томонлар бир мартадан «лотерея»ни ўз фойдаларига ҳал қилди. Бешинчи сетда Истомин 7:5 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон терма жамоасига дастлабки очкони тақдим этди.
Бугун, 18 сентябрда Фаррух Дўстов АҚШнинг биринчи рақамли теннисчиси Жек Сок билан куч синашади.
19 сентябрь, шанба куни жуфтликлар баҳси ўтказилади. Истомин/Дўстов тандеми Жонсон/Куэрри жуфтлигига қарши баҳс олиб боради. Баҳсларнинг сўнгги кунида Денис Истомин Жек Сокка қарши кортга чиқади, шундан сўнг Фаррух Дўстов Стив Жонсон билан баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)