19 сентябрь, шанба куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида APB (AIBA Pro Boxing) мусобақасининг биринчи даврасида 60 килограммгача вазн тоифасида титул жанги ўтказилади. Унда ўзбекистонлик Хуршид Тожибоев ушбу вазнда APB чемпионлик камари соҳиби, қозоғистонлик Берик Абдраҳмановга қарши рингга чиқади. Бу ҳақда «12news.uz» хабар бермоқда.
Мусобақа Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (АИБА) билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда. Шу куни бошқа вазн тоифаларида рейтинг жанглари ҳам ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, Хуршид Тожибоев «Ўзбекистон» спорт мажмуасида 18 июль куни бўлиб ўтган жангда россиялик боксчи Дмитрий Полянский устидан ғолиб чиқиб, 2016 йили Рио-де-Жанейрода (Бразилия) ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.
Изоҳ (0)