Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён мамлакат қуролли тўқнашувлар давом этаётган Ямандан ўз элчисини чақириб олгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Аввалроқ Al Jazeera телеканали Эрон Ямандаги элчихонасини ёпмоқчи эканлиги, элчи ҳамда элчихонанинг барча ходимлари Яман пойтахти Санани тарк этиб бўлгани ҳақида хабар берганди. «Санадаги элчимиз даволаниш мақсадида бир неча кунга Эронга қайтган. Биз Ямандаги элчихонани ёпиш ҳақида қарор қабул қилганимиз йўқ», — деди вазир ўринбосари.
Дипломатнинг қайд этишича, Эрон элчиси шаҳар Саудия Арабистони қуролли кучлари томонидан бомбардимон қилинаётганида ҳам Санада эди. «Ямандаги элчихонамиз ўз фаолиятини одатдаги тартибда давом эттиришига ҳеч қандай шубҳа йўқ», — дея қўшимча қилди Абдуллоҳиён.
Изоҳ (0)