2015 йил 12—13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Ёшлар театри саҳнасида немис тилида сўзлашувчи ўзбекистонлик ҳаваскор театр гуруҳларининг анъанавий театр фестивали бўлиб ўтади. Бу ҳақда Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси Маданият ва матбуот бўлими «Дарё»га хабар қилди.
Ушбу фестиваль доирасида Тошкент, Фарғона, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларидаги Wiedergeburt немис маданияти марказларининг ҳаваскор театр гуруҳлари сўнгги бир йил давомида ўзлаштирган асарларни саҳнада намойиш этади. Театр фестивали арафасида ушбу гуруҳлар германиялик театршунос-педагог Йоахим Бюркерт иштирокидаги семинар-машғулотларда ўз маҳоратларини синовдан ўтказиш имкониятига эга бўлди.
Фестивални ўз қишлоғига номаълум учар жисм қўнганлиги ҳақида Сотволди ҳикоя қиладиган машҳур «Абдуллажон» фильмига асосланган саҳна асари ижроси билан фарғоналик ҳаваскор театр гуруҳи бошлаб беради. Бухоро вакиллари эса уйланиш учун малика қидираётган камбағал шаҳзода ҳақида ҳикоя қилувчи «Чўчқабоқар» номли асар билан саҳнага чиқади.
Фестивалнинг иккинчи куни тошкентлик ижрочиларнинг яқиндагина ўз турмуш ўртоқларини қабрга қўйган икки нафар аёлнинг чигал тақдири ҳақида ҳикоя қилувчи «Бевалар» номли асари билан бошланади. Самарқанд шаҳри вакиллари намойиш этадиган «Ўз ичимизда» номли асарда эса немис жамиятида чет элликларга нисбатан муносабатларнинг турфа хиллиги тилга олинади.
Барча асарлар немис тилида ижро этилади.
Ушбу тадбир авваламбор Тошкент шаҳридаги мактаб, лицей, коллеж ва олийгоҳларнинг немис тилини яхши биладиган ўқувчи ва талабаларига мўлжалланган. Фестиваль 12 сентябрь куни соат 17:00 да ва 13 сентябрь куни соат 16:00 да бошланади. Спектаклларга кириш бепул.
Изоҳ (0)