Microsoft корпорацияси Редмонд шаҳридаги (АҚШ, Вашингтон штати) штаб-квартирасини янгилаш режасини кўриб чиқмоқда. Лойиҳа харажатлари бир неча миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда Bloomberg агентлигига таяниб, «3dnews.ru» хабар бермоқда.
Агентлик маълумотларига кўра, Microsoft Дубайдаги «Бурж Халифа» минорасини лойиҳалаштиргани билан танилган Skidmore, Owings & Merrill LLP архитектура бюросини реконструкция ишларига жалб этади. Корпорация штаб-квартирадаги алоҳида кабинетлардан воз кечиб, яхлит очиқ ҳудудни ташкил этиш ниятида. Шунингдек, бу ердан ресторанлар, дўконлар ва бошқа шаҳарлардан келган ходимлар истиқомат қилиши учун турар-жойлар ҳам ўрин олади.