Россиянинг Уссурийск шаҳридаги сув тошқини натижасида Яшил оролдаги шаҳар ҳайвонот боғи сув остида қолди, бир қанча жониворлар ҳалок бўлган. Бу ҳақда «Echo.msk.ru» хабар бермоқда.
Хабар беришларича, табиий офат натижасида уссурийскликларнинг севимли, қўлга ўргатилган Масяня лақабли айиғи ҳалок бўлган. Бундан ташқари, эчкилар сувга чўкиб кетгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Кўнгиллилар ва полиция ходимлари қайиқда ҳайвонот боғи атрофини кўздан кечирмоқда.
Уссурийск шаҳар маъмурияти матбуот хизматидан маълум қилишларича, жониворлар яшаётган қафасларнинг калитларини топиб бўлмаяпти, боғ директори эса қўнғироқларга жавоб бермаяпти. Ҳозирги вақтда, жониворларни тақдир ҳукмига ташлаб қўйгани учун, унинг устидан жамоавий шикоят тайёрланмоқда.
Ўтган ҳафта давомида Уссурийскка камида икки ойлик ёғингарчилик нормаси ёғди. Тайфун натижасида юз берган кучли ёғингарчилик натижасида одамлар орасида қурбонлар бўлгани йўқ. Шаҳарда бир неча ўнлаб уйлар ва болалар боғчаси сув остида қолган, 2,5 мингга яқин аҳоли электр таъминотидан узилиб қолган.
Изоҳ (0)