Навоий вилояти Учқудуқ тумани «Қулқудуқ» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Баубек Базаров оиласида уч эгизак фарзанд — бир ўғил ва икки қиз дунёга келди. Бу ҳақда «Telegraf.uz» хабар бермоқда.
«Набираларимнинг дунёга келиши биз учун унутилмас кун бўлди. Яхши ниятлар билан уларга Дийдар, Динара, Дилара, деб исм қўйдик. Каттаси ўғил, улғайса сингилларининг ҳимоячиси бўлади», — дейди чақалоқларнинг бувиси Рая Базарова.
Чақалоқларнинг соғлом униб-ўсиши учун Базаровлар оиласига кўплаб ташкилотлар томонидан кўмак берилди. Масалан, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси 300 минг сўм пул ажратган бўлса, «Қулқудуқ» ширкат хўжалиги раҳбарияти тўрт бош майда шохли мол ҳадя қилди.
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан эса соғин сигир берилди.
Изоҳ (0)