Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб ўрта махсус таълим муассасаларида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ташаббуси билан «Шахсий бизнесни бошлаш учун очиқ эшиклар куни» уюштирилмоқда, деб хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Ўз бизнесини бошламоқчи бўлган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур тадбирга тижорат банклари, туман ҳокимиятлари, солиқ инспекциялари ва маҳалла қўмиталаридан вакиллар ҳам жалб қилинмоқда.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекцияси ходимлари ёшларга ўз бизнесларини рўйхатга олишда кўмак кўрсатаётган бўлса, солиқ инспекцияси ходимлари ёш тадбиркорларни солиққа оид қонун-қоидалар билан таништириш билан бир қаторда, айни вақтнинг ўзида уларга идентификация рақами (ИНН)ни тақдим қилмоқда. Солиқ ташкилотидан рўйхатдан ўтиб, кредит расмийлаштирилгандан кейин ёш тадбиркорларга Бандликка кўмаклашиш маркази ва Халқ банки ходимлари томонидан меҳнат дафтарчаси ва жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб рақами (ИНПС) берилмоқда.
Шундай қилиб, бир битирувчининг тадбиркорга айланиши ва керакли кредитга эга бўлиши учун бир соатдан ҳам кам вақт сарфланмоқда. Янада батафсилроқ сўз юритадиган бўлсак, битирувчи ўзига яхши таниш ва қадрдон бўлган таълим муассасасига паспорт, диплом ва албатта, пухта ўйланган бизнес ғояси билан келиб, қисқа фурсатда ўз бизнесини рўйхатдан ўтказиши, меҳнат дафтарчаси, солиқ тўловчи идентификация рақами (ИНН), жамғариб бориладиган пенсия жамғармаси ҳисоб рақами (ИНПС)га эга бўлиши ва энг муҳими, тижорат банкларидан атиги 3 дан 9 % гача бўлган уч йиллик кредитни ҳам қўлга киритиши мумкин.
Тасдиқланган режага кўра «Шахсий бизнесни бошлаш учун очиқ эшиклар куни» Тошкент шаҳрида қуйидаги саналарда ўтказилади:
4—5 август – Сирғали туманида;6—7 август – Учтепа туманида;7—8 август – Бектемир туманида;11—12 август – Юнусобод туманида;13—14 август – Мирзо Улуғбек туманида;15—17 август – Миробод туманида;17—18 август – Шайхонтоҳур туманида;19—20 август – Олмазор туманида;21—22 август – Яккасарой туманида;24—25 август – Яшнобод туманида;26—27 август – Чилонзор туманида.
Очиқ эшиклар кунлари соат 9:00 дан 17:00 га қадар давом этади.
Изоҳ (0)