Лондоннинг “Тоттенҳэм” клуби “Манчестер Сити” сафида тўп сураётган 21 ёшли бразилиялик футболчи Савинё учун 70 миллион евро таклиф қилди. Бу ҳақда Globo нашри хабар бермоқда.

Манбага кўра, “шаҳарликлар” мазкур таклифни рад этган, бироқ томонлар футболчининг трансфери бўйича музокараларни давом эттирмоқда.
Айни дамда “Тоттенҳэм”да қанот ҳужумчиларига эҳтиёж бор. Клуб ёзги трансфер ойнаси чоғида кореялик ҳужумчи Сон Ҳён Минни АҚШнинг “Лос-Анжелес” клубига сотди. Бундан ташқари, Жеймс Мэддисон ҳам узоқ муддатга сафдан чиққан. Шу сабабдан бош мураббий Томас Франк трансфер ойнаси ёпилгунига қадар янги вингер харид қилиш зарурлигини таъкидламоқда. Ҳозирда асосий номзод сифатида Савинё кўрилмоқда.
Маълумотларга кўра, футболчи “Манчестер Сити”ни тарк этишга қарши эмас. Чунки клубдаги кучли рақобат фонида у захира футболчисига айланиши мумкин. Вингернинг ўзи эса доимий ўйин амалиётига эга бўлиш хоҳлайди.
Маълумот учун, Савинё 2024 йил ёзида “Манчестер Сити”га қўшилган. У ўтган мавсум барча мусобақалар доирасида жами 48 ўйинда майдонга тушиб, 3 та гол ва 13 та голли узатмага муаллифлик қилган.
- Футболчининг клуб билан шартномаси 2029 йил ёзигача амал қилади.
- Transfermarkt портали Савинёнинг қийматини 50 миллион еврога баҳолаган.
Изоҳ (0)