Украинанинг Одесса вилояти губернатори Михаил Саакашвили киевлик миллиардерга тегишли бўлган ва бетон девор билан ўраб олинган Одесса пляжини шаҳар аҳли учун очиб берди. Бу ҳақда «Korrespondent.net» хабар бермоқда.
Маҳаллий нашрлар хабарига кўра, гап собиқ депутат Василий Хмелницкий ва «Яшил соҳил» пансионатининг ёпиқ ҳудудида жойлашган унга тегишли шахсий соҳил ҳақида бормоқда. Саакашвилининг айтишича, миллиардер Одессага ойда бир марта вертолётда келиб-кетади, қолган вақт эса ўраб олинган улкан пляж бўш ётади.
«Аҳолининг кўплаб шикоятлари ва фаолларнинг тинимсиз ҳаракатларига қарамай, мазкур бошбошдоқлик кўп йиллардан бери, маъмурий тизимининг барча даражалари кўмагида давом этиб келмоқда», — деди Саакашвили. Пляжнинг «очилиши»га у журналистлар ва жамоатчилик билан бирга келди.
«Сизлар ҳозир эшикларни ё кўнгилли равишда очасиз, ёки булдозерлар буларнинг барини бузиб ўтади», — деди Одесса губернатори пляж қўриқчиларига мурожаат қиларкан. У мазкур ишдаги ҳамкорлик учун ҳудудий ички ишлар бошқармаси, фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Одесса мэри ўринбосари ва кўнгиллиларга миннатдорчилик билдирди.
Саакашвилининг маълум қилишича, у ички ишлар бошқармасига мазкур ҳодисага алоқадор барча шахсларга нисбатан жиноят ишларини қўзғатиш ва пляжларнинг барча эгаларини текшириб чиқиш ҳақида кўрсатма берган.
Изоҳ (0)