Тадбиркорлик субъектларига «Бир дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари кейинги йил муқаддимасида ўз фаолиятини бошлайди. Шу муносабат билан айни пайтда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бир қатор учрашувлар доирасида марказларни ташкил этиш тўғрисидаги ҳукуматнинг қарор лойиҳаси ҳамда энг қулай ва осон иш механизмларни жорий этиш масаласи муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда «Infocom.uz».
«Бир дарча» марказларининг ташкил этилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, уларнинг жадал ривожланиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосланган.
Режага кўра, мазкур марказлар 2016 йилнинг январь ойиданоқ шаҳар, туман ҳокимликлари ҳузурида мавжуд бўлган 193 та тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича инспекциялар негизида яратилади. Ушбу инспекциялар дастлаб ҳукумат қарорига биноан ташкил этилганини эслатиб ўтамиз.
Бутун республика бўйлаб мазкур инспекцияларда тегишли ўзгартиришлар жорий этилиб, уларга аниқ вазифа ва мажбуриятлар берилиши кўзда тутилган. Улар учун электрон маълумот тизими асосида бошқа давлат идоралари билан ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ механизм ҳам ишлаб чиқилади. Мазкур марказлар барқарор равишда ишлашини таъминлаш мақсадида тегишли молиялаштириш чора-тадбирлари ҳам ишлаб чиқилиши режага киритилган.
Айни пайтда «Бир дарча» марказларининг аҳоли, тадбиркорлик субъектклари, давлат органлари билан боғланиш бўйича тартибини изоҳлаб бериш, жойлашувини аниқлаш, моддий техника ва юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва бошқа тегишли масалалар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг «Ўзбекистон бизнес форуми» қўшма лойиҳаси ва бир қатор бошқа идоралар томонидан ушбу масалаларни ҳал этувчи ҳуқуқий-меъёрий база яратиш устида иш олиб борилмоқда. «Бир дарча» марказларида самарали хизмат кўрсатиш юзасидан вазирликлар, турли идоралар ўз тавсияларини бермоқда.
Эндиликда бир қатор давлат хизматлари фақат «Бир дарча» марказлари орқали амалга оширилишини айтиб ўтиш муҳим. Бу орқали махсус давлат хизматлари рўйхатида белгиланган хизматларни кўрсатиш ва тегишли аризаларни кўриб чиқишда давлат идораларининг мижозлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишини тақиқлаш кўзда тутилган. Шу билан бирга «Бир дарча» марказлари орқали ариза юборишда ҳудуд ва бошқа сабаблар туфайли юзага келувчи чекловларни бартараф этиш мақсад қилинган.
«Ягона марказларнинг ташкил этилиши фуқороларга бир жойда давлат хизматларидан фойдаланишга имконият беради. Давлат органлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имкони бўлмасада, руҳсатнома бериш ва бошқа маъмурий жараёнларини анча осонлаштиришга ёрдам беради»,— деди Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг «Ўзбекистон бизнес форуми» қўшма лойиҳаси раҳбари Баҳодир Беков.
Савдо-саноат палатаси ва Сергели, Мирзо Улуғбек туманларининг ҳокимликлари қошидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш бўйича инспекцияларда ўтказилган тадбирларда «Бир дарча» марказлари орқали хизмат кўрсатадиган вазирликлар ва идораларнинг вакиллари истирок этди.
Изоҳ (0)