Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Уфа шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити «майдонларида» 10 июль куни Россия Президенти Владимир Путин билан икки томонлама учрашув ўтказади, деб хабар бермоқда UzDaily.
Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Кремль Россия ва Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги кенгайишига умид билдирмоқда. Бу масала иккала мамлакат раҳбарлари учрашувида муҳокама қилинади.
Шунингдек, Президентлар таълим соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масаласига эътибор қаратиши, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама иттифоқчилик ва стратегик шерикчиликни янада ривожлантириш масалаларининг кенг доирасини муҳокама қилиши режалаштирилган. Глобал ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, 8—10 июль кунлари Россиянинг Уфа шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БРИКС саммитлари бўлиб ўтади.