Расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди 6 июль куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан музокаралар олиб борди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
Ислом Каримов ва Нарендра Модининг тор доирадаги ва икки мамлакат делегациялари иштирокидаги музокаралари вақтида иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт коммуникациялари, маданият ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ислом Каримовнинг ишонч билдиришича, Ҳиндистон бош вазирининг ушбу «қисқа, лекин мазмунли ташрифи икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очади, икки давлат ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликнинг кейинги ривожига катта туртки беради».
Мулоқот вақтида минтақавий хавфсизлик, хусусан, Афғонистондаги вазият, террорчиликка қарши кураш, киберхавфсизлик, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкорлик ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида 2015—2017 йилларга мўлжалланган янги Маданий ҳамкорлик дастури имзоланди.
Ҳиндистон бош вазири Ўзбекистон Президентига Амир Ҳусрав Деҳлавий «Хамса»си қўлёзмасининг махсус репродукциясини совға қилди. XIII асрда яшаган таниқли сўфий шоири Деҳлавий Уттар-Прадешда туғилган бўлиб, унинг отаси ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан эди.
Нарендра Моди Ислом Каримовни ўзи учун қулай вақтда Ҳиндистонга ташриф буюришга таклиф қилди. Ўзбекистон Президенти мазкур таклифни қабул қилди.
7 июль куни Ҳиндистон бош вазири Тошкент марказидаги Мустақиллик ва эзгулик монументига, шунингдек, Ҳиндистон собиқ бош вазири Лаъл Баҳодур Шастри шарафига ўрнатилган ҳайкалга ташриф буюриши кўзда тутилган.