Дунё бўйлаб саёҳат қилаётган Швейцариянинг қуёш батареяларида ишловчи Solar Impulse 2 самолёти 1 июль, чоршанба куни қўшимча ёнилғи олмасдан ва қўнмасдан парвоз қилиш бўйича жаҳон рекордини янгилади, деб хабар беради «ТАСС».
Самолётни бошқараётган швейцариялик Андре Боршбергнинг маълум қилишича, у 80 соат давомида 5663 километр масофани учиб ўтгандан сўнг янги рекорд ўрнатган. Шу тариқа у 2006 йилда Стив Фоссет эришган натижадан ўзиб кетди. Ўшанда у Virgin Atlantic Global Flyer реактив самолётида 76 соат-у 45 дақиқа парвоз қилган эди.
Шу билан бирга Solar Impulse 2 самолёти авиацияда қуёш батареялари билан учиш вақти ва масофаси бўйича ҳам рекорд ўрнатди.
Эслатиб ўтамиз, ноқулай об-ҳаво туфайли Нагояга қўнишга мажбур бўлган Solar Impulse 2 самолёти 28 июнь куни Тошкент вақти бўйича 23:00 да Нагоядан Гавайига парвоз қилди.
Самолёт Абу-Дабидан 9 март куни учган эди. У Уммон, Ҳиндистон, Мьянма ва Хитой ҳудудида олти марта тўхтаб олди. Solar Impulse 2 самолётининг қанотлари қулочи 72 метр, оғирлиги 2,3 тоннага тенг. Унинг қаноти 17,2 мингта қуёш батареялари билан қопланган. Самолётнинг максимал тезлиги соатига 140 километрни ташкил этади.
Изоҳ (0)