Америкалик машҳур актёр Робин Уильямсга қўйилган Паркинсон хасталиги ташхиси шифокорнинг хатоси бўлиб чиқди. Ўз жонига қасд қилган актёр танасини очиб ўрганиш натижалари жамоатчиликка энди маълум қилинди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Уильямс оғир хасталикка чалингани маълум қилинганидан бир неча ой ўтиб, актёр ўз жонига қасд қилганди. Комедия фильмлардаги ажойиб роллари билан танилган актёр 2014 йил 11 август куни Калифорниядаги уйида ўзини осиб қўйганди.
«Радар онлайн» нашри ахборотига кўра, танани очиб ўрганиш натижалари 63 ёшли Уильямснинг Паркинсон хасталиги эмас, балки бошқа касалликдан азият чекканини кўрсатган. «Бунда гап бошқа касаллик – қариган чоғдаги ақли заифликнинг бир тури ҳақида бормоқда», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Робин Уильямснинг ўлимидан бир неча кун ўтиб унинг турмуш ўртоғи Сюзан Шнайдер марҳум актёр ўзидан Паркинсон хасталиги белгилари топилганидан жуда сиқилганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)