Арманистон полицияси электр энергия тарифлари ошишига қарши норозилик намойиши қатнашчиларига қарши куч ишлатиш ниятида эмас. Бу ҳақда мамлакат полицияси бошлиғи, генерал-лейтенант Владимир Гаспарян маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг сўзларига кўра, «ҳуқуқбузарликлар бўлмас экан, полиция ҳеч қандай чора кўрмайди». «Ҳуқуқбузарлик бўлса – биз жамоат тартибини ўрнатамиз», - деди бош полициячи. Гаспаряннинг қайд этишича, «қоидабузарлик бўлса, у биринчи галда намойиш иштирокчилари хавфсизлиги учун бунинг олдини олишга мажбур». Полиция раҳбари «куч ишлатишга зарурат бўлмаслигига ишончи комил» эканлигини айтди.
17 июнь куни Арманистон жамоат хизматлари кўрсатишни тартибга солиш комиссияси «Арманистон электр тармоқлари» тақсимловчи компанияси аризасини кўриб чиқиб, 1 августдан электр энергия тарифларини 16 фоизга ошириш ҳақидаги илтимосни қисман қондирди. Шу куннинг ўзида пойтахт Ереван марказида бу қарорга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди. 19 июнь куни Арманистоннинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам шундай намойишлар такрорланди.
23 июнь куни полиция пойтахтдаги намойиш иштирокчиларини тарқатиш учун куч ишлатиб кўрди. Натижада 18 киши, жумладан, 11 полициячи жабрланди, 237 киши ҳибсга олиниб, кейинчалик улар қўйиб юборилди. 25 июнь куни Арманистон бош вазири Овик Абрамян электр энергия тарифлари ошиши муносабати билан кам таъминланган оилаларга товон пули тўланиши ҳақидаги қарор ҳақида эълон қилди, бироқ шунга қарамай Ереван ва бошқа шаҳарлардаги намойишлар тўхтамаяпти.
Изоҳ (0)