Европанинг Airbus авиаконцерни вакиллари OneWeb Ltd. хусусий компанияси учун миллиардлаб инсонларга юқори тезликдаги интернетни етказиб бера оладиган 900 та сунъий йўлдош қуриб беришни режалаштирмоқда, деб хабар берди «Ведомости».
«OneWeb сунъий йўлдошлари катта миқдорда ишлаб чиқарилади, ҳар бирининг оғирлиги 150 килограммни ташкил этади. Бутун тармоқ ишга туширилгач тизим бутун дунёдаги қишлоқ ҳудудларига маълумотларни сониясига 10 терабитдан етказиб бера олади», — дейилади компания баёнотида.
Унинг асосчиси ва бошқарувчиси Грег Уайлернинг сўзларига кўра, 2018 йил бошида ишга туширилиши режалаштирилган бутун лойиҳанинг қиймати 1,5—2 миллиард долларга баҳоланган.
Дастлабки 10 та сунъий йўлдош Airbus компаниясининг асосий ишлаб чиқариш қувватлари жойлашган Франциянинг Тулуза шаҳри яқинида қурилади. Кейин эса АҚШда йиғиш бошланади. Аппаратларни учириш учун кичик юк космик кемаларини яратишга ихтисослашган компаниялар танланади.
Изоҳ (0)