Ўзбекистон делегацияси БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Конференциясининг Римда бўлиб ўтган 39-сессияси доирасида тузилма бош директори Жозе Грациану да Силва билан учрашди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Учрашув чоғида 2014 йил июнь ойида ФАОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилгани икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим бўғини бўлгани алоҳида қайд этилди. ФАО бош директори ваколатхонанинг тўлақонли ва самарали фаолият юритиши учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрсатилаётган эътиборни юксак баҳолади.
Ўзбекистонда яқинда ФАОнинг чигирткага қарши кураш, фитосанитария назорати, аквакултурани мослаштириш ва ер ресурсларини барқарор бошқариш бўйича тўртта субрегионал ва ҳудудий лойиҳаларига қўшилди ва Да Силва ушбу ҳаракатларни алоҳида қайд этиб ўтди.
ФАО раҳбарининг маълум қилишича, ташкилот қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қурғоқчиликка мойил ва шўрланган ҳудудларда ерни барқарор бошқариш ва чўл, тоғ ва водий ҳудудларида ўрмон хўжалигидан барқарор фойдаланиш бўйича Ўзбекистонни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.
Учрашув чоғида технологияларни тақдим этиш ва имкониятларни ошириш йўли билан Ўзбекистонда оилавий фермерликни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари қайд этилди.
Изоҳ (0)