Корея Республикаси Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS) коронавируси авж олишига қарши мустақил равишда кураша олади. Бу ҳақда режалаштириш ва молия вазири, шунингдек бош вазир вазифасини бажарувчи Чой Гён Хван чет эллик дипломат ва бизнесменлар билан учрашувда айтиб ўтди, деб ёзади ТАСС.
«Тиббиётнинг юқори даражада ривожлангани ва ушбу сектор ишчиларининг чуқур билимга эгалигини ҳисобга олиб, вируснинг ушбу авжи тўхтатилишига ҳеч қандай шубҳа йўқ», — деди у республика аввал ҳам оғир ўткир респиратор синдроми ва чўчқа гриппи эпидемиялари билан муваффақиятли курашганини эслатар экан.
Чой Гён Хван сўзларига кўра, ҳукумат вирус тарқалиши олдини олиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилмоқда ва бу борада муваффақиятга ҳам эришмоқда. Жумладан, MERS коронавирусига чалинганлар билан алоқада бўлган ва айни пайтда уй карантинидаги кишилар сони қисқармоқда — ҳозирда уларнинг сони 3680 киши бўлиб, бу 9 июндагидан 220 кишига камдир.
Изоҳ (0)