Корея Республикаси ҳукумати Яқин Шарқ респиратор синдроми (MERS) коронавируси тарқалишидан зарар кўраётган корхоналарни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларга 400 миллиард вон (357 миллион доллар) ажратади, дея хабар бермоқда ТАСС режалаштириш ва молия вазири Чой Гён Хванга таяниб.
Унинг сўзларига кўра, ҳукумат вирус кичик бизнесга қандай кўламда зарар етказганини ҳисоблаб чиқмоқда. Жараён 12 июнгача якунланади, шундан сўнг энг кўп жабр кўрган корхоналар — кичик чакана дўконлар, хусусий клиникалар, сайёҳлик фирмалари ва инфекция туфайли мижозсиз қолган бошқа компанияларга маблағ ажратиш бошланади.
Статистик маълумотларга кўра, июннинг биринчи ҳафтасида мамлакатдаги йирик супермаркетларда савдо ҳажми 16,5 фоизга, кичик дўконларда 25 фоизга тушиб кетди.
Чой Гён Хван, шунингдек ҳукумат касаллар билан алоқада бўлиб, эндиликда уй карантинида бўлган кишиларга шошилинч молиявий ёрдам кўрсатишини ҳам маълум қилди.
Изоҳ (0)