Тошкентда светофорлар иш тизимини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси «Дарё»га маълум қилди.
«Дарё» интернет нашри Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали савол билан мурожаат қилди.
Бош бошқарма бошлиғи Х. А. Сайдалиевнинг жавоб мактубида айтилишича, дастлаб Тошкент шаҳридаги 120 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилади, кейинчалик уларнинг сони ортади. Янги тизим қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етиши билан ишга туширилади. Бу ҳақда у ишга тушишидан аввал ҳаракат иштирокчиларига ОАВ орқали батафсил маълумот берилади.
Жорий этилаётган янгиликнинг асосий мақсади:
- Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини замонавий технологиялар орқали таъминлашга;
- йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳимояланганлик даражасини оширишга;
- пойтахт кўчаларининг юқори ҳаракат жадаллиги шароитида йўл ҳаракатини назорат қилиш, қоидабузарликларни автоматик тарзда аниқлаш, қайд этиш ҳамда профилактика қилиш ишларини такомиллаштиришга қаратилган.
Чорраҳалардаги вазиятни масофадан узлуксиз кузатиб бориш учун видеокамералар ҳамда фуқаролар учун махсус хизматларни (ички ишлар, тез тиббий ёрдам ва ҳ.к.) чақириш воситалари ўрнатилади.
Чорраҳалардан олинган барча маълумотлар Марказий диспетчерлик хизматига узатилади ва бу ердаги табло ва видеомониторларга чиқарилади. Тизимга киритилган чорраҳалардаги светофорлар ҳам детекторлардан ҳаракат оқими тўғрисида олинган маълумотларни қайта ишлаш орқали автоматик тарзда бошқарилади.
Шунингдек, светофорлар иш тизимини оптималлаштириш натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилади. Натижада транспорт воситаларининг чорраҳалар олдида тўхтаб туриши 20—25 фоизга, транспорт воситалари двигателларидан чиқаётган заҳарлар газлар 5—10 фоизга, ёнлиғи сарфи 5—15 фоизга камайиши ҳисобига шаҳардаги экологик ҳолат анча яхшиланади.
Лойиҳани амалга ошириш билан ушбу соҳада муайян тажрибага эга бўлган AGT Group GmbH компаниясининг мутахассислари шуғулланмоқда. Ҳозирга қадар ушбу янгиликни жорий этиш юзасидан бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач қўшимча ва батафсил маълумотлар тақдим этилади.
Аввалроқ, Тошкентнинг Муқимий ва Акрамхўжаев кўчалари чорраҳасида Германиянинг Siemens светофорлари, шунингдек хавф ҳақида огоҳлантириш учун тезкор алоқа тугмаси ва чорраҳадаги тизимни бошқариш учун электр шкафлар ўрнатилгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)