Ўзбекистон давлат санъат музейида Ўзбекистон халқ артисти Мукаррама Турғунбоева ижоди ва фаолиятига бағишланган «Санъатга бахшида умр» деб номланган кўргазма ташкил этилди. Review.uz’нинг хабар беришича, таниқли раққоса 31 май куни 102 ёшга тўлган бўларди.
Кўргазма экспозициясида санъаткорнинг рақс либослари, шахсий буюмлари, фотосуратлар, альбомлар, концерт афишалари, турли эсдалик буюмлар, видео материалларга кенг ўрин берилган.
Мукаррама Турғунбоева Фарғонада туғилган. Педагогика билим юртини тамомлаганидан сўнг, Самарқанд давлат мусиқали театрида ишлаган. Унга рақс сирларини Усто Олим Комилов ва Тамарахоним ўргатган. «Пахта» деб номланган ўзининг илк рақсини Мукаррама Турғунбоева 1937 йилда саҳналаштирган.
Устоз санъаткор 1957 йили «Баҳор» рақс ансамблини ташкил этган. У саҳналаштирган «Тановар», «Роҳат», «Пилла», «Муножат», «Катта ўйин», «Пахта», «Хумор» каби икки юздан ортиқ жозибадор рақс ўзбек санъатининг олтин хазинасидан ўрин олган.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Мустақиллик йилларида Мукаррама Турғунбоеванинг ижоди юксак қадрланиб, у «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган.
Изоҳ (0)