Мисрда бундан 45-36 миллион йил аввал яшаган ва узунлиги 18 метрга тенг бўлган қадимги кит суяклари топилди. ТАССнинг Миср атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига асосланиб хабар беришича, скелетлар ал-Фаюм вилоятидаги Китлар водийси (Вади ал-Хитан)даги палеонтология қазишмалари вақтида топилган.
Ўз вақтида сайёранинг барча илиқ денгизларида яшаган бу кит замонасининг энг катта йиртқичларидан бири деб ҳисобланади. Тана тузилиши ҳозирги китларникидан фарқли бўлган базилозавр деб аталадиган бу мавжудотнинг ўзига хослиги – рудиментар орқа оёқларининг борлигидир.
Бу бир вақтлар катта денгизнинг туби бўлган Вади ал-Хитанда топилган илк кит қолдиқлари эмас. Бунгача бу ерда беш турдаги китлар, уч турдаги денгиз сигирлари, икки тимсоҳ, бир неча тошбақа, денгиз илонлари ва кўплаб балиқ турлари қолдиқлари топилган.
Бу ерда топилган базилозавр суяклари жуда яхши сақланган бўлиб, орқа оёқларининг суякларини ҳам ўз ичига олган. Олимларнинг фикрича, қадимги кит судралиб юрувчига ўхшаб кетгани сабаб, қадимги фиръавнлар даврида топилган кит суяклари тимсоҳ-худога эътиқод қилиш маданиятига сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Китлар водийсидаги денгиз мавжудотларининг илк қолдиқлари 1902 йилда топилган, бироқ орадан фақат юз йил ўтиб – 2005 йилда бу жой ЮНЕСКО ўз муҳофазасига олган очиқ осмон остидаги қўриқхонага айлантирилган.
Изоҳ (0)