АҚШда ўқувчилар мактаб биносига 72 минг хонқизи қўнғизини қўйиб юборди. Бу ишнинг баъзи қатнашчилари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, деб хабар қилади «Nur.kz».
Ҳодиса 20 май куни эрта тонгда содир бўлди. Беш киши Мэриленд штатидаги мактаб эшигини бузиб кириб, бинога 72 минг хонқизи қўнғизини қўйиб юборган. Яна икки нафар бола кўчада машина ичида шерикларини кутиб турган.
АҚШ полицияси мактаб маъмурияти билан ҳазиллашмоқчи бўлган 7 нафар ўқувчини ушлади. Улардан 6 нафари юқори синф ўқувчилари, яна бири эса яқинда мактабни битирган ўқувчи экан.
Ҳазилкашлардан 4 нафари вояга етмаганлиги учун уларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилади. Қолган уч киши жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Суриштирув давомида бунча катта миқдордаги қўнғизлар Amazon интернет-дўконидан сотиб олингани аниқланди. Аммо ўн минглаб хонқизи қўнғизларининг кейинги тақдири нима бўлишига ойдинлик киритилмади.
Мактаб ўқувчилари ҳазилкашларнинг олдини олиб, уларга нисбатан жазо қўлланилишига қарши чиқди.
Изоҳ (0)