«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида «Ёшлик баҳори» ёш опера ижрочилари республика кўрик-фестивали ғолиб ва совриндорлари ҳамда Ўзбекистон Ёшлар симфоник оркестри иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, «Камолот» ЁИҲ марказий кенгаши, Ўзбекистон миллий симфоник, камер ва халқ чолғулари оркестрлари жамоалари бирлашмаси ҳамкорлигида 11-15 май кунлари ўтказилган «Ёшлик баҳори» ёш опера ижрочилари республика кўрик-фестивалидан кўзланган мақсад ёш авлодни миллий ва жаҳон мусиқасининг энг нодир намуналаридан баҳраманд этиш, улар қалбида санъатга бўлган меҳр ва қизиқишни тобора кучайтиришдан иборатдир.
Фестивальда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 60га яқин ёш опера ижрочиси ўз маҳоратини намойиш этди. Мазкур фестиваль ёш опера ижрочиларини аниқлаш, уларнинг салоҳияти, ижод қирраларини рўёбга чиқариши учун зарур имкониятларни яратишдек эзгу мақсадларга хизмат қилади.
Беш кун мобайнида Ўзбекистон давлат консерваториясининг муҳташам залларида Ўзбекистон ҳамда жаҳон композиторлари ижодига мансуб энг сара опералардан ариялар, романслар, куй-наволар янгради. Кўрик-фестиваль доирасида таниқли режиссёрлар, мусиқашунослар, композиторлар, вокалистлар, концертмейстерлар иштирокида ёшлар учун маҳорат сабоқлари, мулоқотлар ўтказилди.
Ўзбекистон давлат консерваториясининг иккинчи курс талабаси Фарангиз Шамсиева «Ёшлик баҳори» ёш опера ижрочилари республика кўрик-фестивалида биринчи ўринга сазовор бўлди. Мазкур олий ўқув даргоҳи талабалари Беҳзод Давронов иккинчи, Ангелина Аҳмедова учинчи ўринга лойиқ деб топилди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга диплом ва совғалар топширилди.
Концертда ўзбек ва жаҳон композиторларининг асарларидан намуналар янгради.
Изоҳ (0)