Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ давлат котиби Жон Керри ўртасидаги музокаралар натижалари Москва ва Вашингтон ўртасидаги «ҳамфикрлиликнинг илк аломатлари»дан дарак беради. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков айтиб ўтди, деб ёзади Meduza.
Унинг айтишича, Путин ва Керрининг 12 майда Сочида бўлиб ўтган учрашувидан кейин алоқалардаги кескин ўзгариш ҳақида гапиришга эрта, бироқ Кремль ушбу музокараларни «жуда фойдали, зарур ва ижобий« деб баҳоламоқда.
Ушаков сўзларига кўра, сиёсатчилар Украинадаги вазиятни муҳокама қилди ва Минск келишувларига риоя қилиш бўйича фикрлари бир жойдан чиқди. Керри Путин билан музокаралар натижалари ҳақида Украина президенти Пётр Порошенкога сўзлаб беришни ваъда қилди.
Эслатиб ўтамиз, Керри ва Путин ўртасидаги суҳбат тўрт соат давом этди. Хабар берилишича, Путин ва Керрининг учрашуви Америка томони илтимоси билан бўлиб ўтган.
АҚШ давлат котиби Путинга президент Обаманинг саломини етказди. Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков айтишича, Америка етакчиси Россия президентига ҳеч қандай ёзма хабар жўнатмаган.
Шунингдек, музокараларда Украина мавзуси, жумладан АҚШ ва Россиянинг икки томонлама даражада янада жипс тарзда ишлашлари бўйича турли вариантлар муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)