Швейцариянинг Nestle компанияси Украина президенти Пётр Порошенкога тегишли Roshen қандолат корпорациясини сотиб олишга қизиқиш билдирган ягона харидор бўлди. Бу ҳақда Segodnya.ua хабар бермоқда.
Bloomberg маълумотларига кўра, Nestle Украина қандолат гигантини 1 миллиард долларга сотиб олишга тайёр. Айни вақтда, Порошенко ўз корпорациясини 3 миллиард доллардан камига сотмоқчи эмас.
Украина президенти маъмуриятидан маълум қилишларича, Roshen’ни сотиш бўйича музокаралар давом этмоқда. «Музокаралар давом этмоқда, бироқ харидорлар сони шунчаки эмас, балки даҳшатли даражада кам», - деди маъмурият раҳбари Борис Ложкин.
Эслатиб ўтамиз, Пётр Порошенко Roshen’нинг асосчиси ҳисобланади ва бу унинг энг асосий мулкидир. У президент этиб сайланишидан аввал корпорацияни сотишга ваъда бергани бўлса-да, ҳозирга қадар бу ваъда бажарилгани йўқ.
Порошенконинг таъкидлашича, у ҳозирги вақтда на юридик ва на бошқа йўл билан Roshen’га таъсир ўтказяпти. Унинг сўзларига кўра, Roshen’ни сотиш ишлари билан Rothschild компанияси шуғулланмоқда.
Изоҳ (0)