Аввал хабар берилганидек, 2015 йилнинг 25 апрелидан 26 апрелга ўтар кечаси Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, Фарғона йўли, 51-уй манзили бўйича жойлашган «Жўрабек» масжиди ёнидан ўтган электр сими устига кучли бўрон вақтида дарахт шохларининг синиб, масжид биносининг томига қулаши оқибатида қисқа туташув юзага келган ҳамда масжиднинг асосий биносининг том қисмида ёнғин бошланган.
Тезкор етиб келган ёнғин ўчириш бўлинмалари, шунингдек, масжид ходимлари ва маҳалла фуқаролари биргаликда ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган. Бироқ, кучли шамол ёнғин ҳажмини кенгайтириб юборган. Оқибатда масжиднинг асосий қисми жойлашган бино ёниб кетган. Ёнғиндан маъмурий хоналар жойлашган кичик бино ва таҳоратхонани сақлаб қолишга эришилган.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати берган хабарга кўра, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Тошкент шаҳри вакиллиги ҳамкорликда масжид ҳудудида ёнғин оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб бормоқдалар. Яқин кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси бошчилигида ва ҳомийларни жалб этган ҳолда масжидни қайта тиклаш чоралари кўрилади.
Изоҳ (0)