Индонезия икки австралияликка нисбатан ўлим жазосини ижро этиш ниятида эканлигини эълон қилди. Бу ҳақда «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Тез орада қатл этилиши керак бўлган Эндрю Чан ва Муран Сукураман 2005 йили бошқа етти нафар австралиялик билан бирга Бали оролида ҳибсга олинган.
Индонезия ҳукумати маълумотларига кўра, ушбу Австралия фуқаролари героин гиёҳвандлик моддасини олиб ўтиш ва етказиб бериш билан шуғулланишган.
Суд қарорига кўра, Чан ва Сукураман ўлим жазосига, қолган етти нафар Австралия фуқаролари эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Австралия томони эса ўз фуқароларига нисбатан ўлим жазосининг ижро этилишига мутлақо қарши чиқмоқда.
«Бизнинг нуқтаи назаримиз ўзгаргани йўқ. Биз Индонезия ҳукуматига мурожаат қилиб, ўлим жазосини ижро этмасликка чақирамиз. Биз гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишни маъқулламаймиз, бироқ ўлим жазоси ҳам австралияликлар учун номақбулдир», - деди Австралия бош вазири ўринбосари Уоррен Трасс.
Аввалроқ, Индонезияда ўз фуқаролари қатл этилгани сабаб, Голландия ва Бразилия бу мамлакатдан ўз элчиларини чақириб олганди.
Изоҳ (0)