Венесуэла президенти Николас Мадуро ўзига қарата манго улоқтирган аёлга кутилмаган йўл билан жавоб қайтарди – унга уй совға қилди. Бу ҳақда Kommersant.ru хабар бермоқда.
Ҳодиса ўтган дам олиш кунлари Ансоатеги штатида рўй берганди. Асосий касби ҳайдовчилик бўлган президент Мадуро Венесуэланинг Барселона шаҳрида қурилган янги автомобиль йўлининг очилишида автобусни ўзи, жуда паст тезликда бошқариб кетаркан, йўл атрофида тўпланган оломон ичидан унинг очиқ турган деразасига қарата манго улоқтирилган – мева президентнинг бошига теккан.
Шундан сўнг Мадуро қўлига шу мевани ушлаб олганича, давлат телевидениеси орқали чиқиш қилиб, мангони улоқтирган шахс унинг пўстлоғига хат ёзиб, телефон рақамини ҳам қолдирганини айтиб ўтган. Маълум бўлишича, мангони 54 ёшли аёл улоқтирган. Николас Мадуро мевадаги ёзувни ўқиб берган: «Қўлингдан келса, менга қўнғироқ қил».
Президентнинг сўзларига кўра, унинг ёрдамчилари бу аёл билан боғланишган, аёл эса сўнгги лаҳзагача унга айнан Николас Мадуронинг одамлари қўнғироқ қилаётганига ишона олмаган. «Унинг уй билан боғлиқ муаммоси бор экан, мен унга турар-жой ажратилиши ҳақидаги қарорни маъқулладим ва у «Буюк вазифа – турар-жой» дастури доирасида яқин соатларда уйни олади», - деди Мадуро.
Изоҳ (0)