Германия федерал ижтимоий суди суғурта компаниясидан парик (ясама соч) учун харажатларни қоплаб беришни талаб қилган 76 ёшли кал фуқаронинг даъвосини қаноатлантирмади. Бу ҳақда «Сегодня.ua» хабар бермоқда.
Фуқаронинг сочи 1980 йиллардан тўкилишни бошлаган, суғурта компанияси унинг парик учун харажатларига 2006 йилга қадар суғурта тўловларини амалга ошириб келган.
Бироқ кейин суғурта компанияси пул тўлашдан бош тортган. Даъвогар компаниядан ундирмоқчи бўлгани пул миқдори маълум қилинмаган. Қайд этишларича, 76 ёшли фуқаронинг нафақат сочлари, балки қош ва киприклари ҳам қолмаган.
Ушбу даъвони кўриб чиққан судья кекса эркаклардаги соч тўкилиши суғурта компаниясига сунъий соч учун харажатларни қоплаб бериши масъулиятини юклашга асос бўладиган тиббий кўрсаткич эмаслигини таъкидлади.
«Эркакларга хос соч тўкилишини меҳнат лаёқатини йўқотишга сабаб бўладиган касаллик деб бўлмайди», - деди судья. Бундан ташқари, суд қарорида қайд этилишича, даъвогар ўзининг кал ҳолатини бадбашара деб тасдиқлай олмайди.
Изоҳ (0)