WBA версияси бўйича супероғир вазндаги жаҳон чемпиони – Ўзбекистонлик Руслан Чагаев (33 ғалаба, жумладан 20 нокаут, икки мағлубият, бир дуранг) ўзининг кейинги рақиби ким бўлишига аниқлик киритолмаяпти, деб хабар берди «12news.uz».
Аввалроқ, Нью-Йорк суди Чагаев пуэрто-риколик Фрес Окендо билан такрорий жанг ўтказиши лозимлиги, буни рад этган тақдирда WBA чемпионлигидан маҳрум бўлиши ҳақида қарор қабул қилган эди. Боксчиларнинг 2014 йил июнида Грознийда бўлиб ўтган дастлабки жангида Чагаев 115:113, 115:113, 114:114 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Чагаевнинг промоутери Тимур Дугазев Америка суди бу ишда нимадир ҳал қилиши мумкин эмаслигини маълум қилган.
«Ҳаммага маълумки, Чагаев ва Окендонинг жанги Грознийда Москва юрисдиксияси остида бўлиб ўтган эди. Жангдан кейин допинг аниқланганига қарамай, у 225 минг долларлик гонорарни тўлиқ олди. Окендо мажбурий номзод мақомига ҳалол эришмагунча ҳеч қандай реванш бўлмайди. Унда имконият боре ди, бироқ у тақиқланган усуллардан фойдаланиб ҳам ютқазди. У менга шантаж қилишда давом этмоқда. Бундай одамларга боксда жой йўқ, уларни четлатиш лозим», − деди Дугазев.
Қайд этилишича, Чагаевнинг навбатдаги жанги июнь ойи охирида бўлиб ўтади, лекин унинг рақиби австралиялик мажбурий номзод Лукас Браун бўлмайди. 2015 йил 27 март куни 36 ёшли Чагаев ва 35 ёшли Брауннинг томонлари келишувга эришиши керак бўлган муддат ниҳоясига етган эди.
Изоҳ (0)