Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ислом Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига қайта сайлангани муносабати билан табриклади, деб хабар бермоқда Озарбайжон Давлат ахборот агентлиги.
«Ғалабангиз Ўзбекистоннинг биродар халқи Сиз узоқ вақтдан буён олиб бораётган чуқур ўйланган, давомли сиёсатингизни қўллаб-қувватлашидан далолат беради. Бугун Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, демократия, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт йўлидан бормоқда. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринга эга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб бормоқда.
Озарбайжонда халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш бўйича кўп асрлик яхши анъаналарни ривожлантириш ва кўпайтиришга қўшган ҳиссангиз юксак қадрланади. Аминманки, Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шерикчилик бундан кейин ҳам биродар халқларимиз ва мамлакатларимиз тараққиёти йўлида ҳар томонлама ва изчил ривожланади», − дейилган табрикда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган Ўзбекистон Президенти сайловининг дастлабки натижаларига биноан Ислом Каримовга сайловчиларнинг 90,39 фоизи овоз бергани маълум бўлди.
Аввалроқ, Ислом Каримовни Ўзбекистон Президенти сайловидаги ғалаба билан Россия Президенти Владимир Путин, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов табриклагани хабар берилган эди.
Изоҳ (0)