16 март куни маҳаллий вақт билан 10:45 да, «Жассим бин Хамад» стадионидаги матбуот марказида «Локомотив» ва «Ал-Садд» жамоалари ўртасида ўйинолди матбуот анжумани бўлиб ўтди. Регламентга кўра, журналистлар олдига биринчи бўлиб мезбон жамоа вакиллари чиқди, деб хабар беради «Локомотив» клубининг расмий сайти.
Бош мураббий Вадим Абрамов ўз олдига Жасур Хасановни (катта) таклиф этди.
«‘Ал-Садд’ кучли жамоа ва айни дамда гуруҳимиз етакчиси. Шундай бўлса-да, биз бор имкониятимизни йўлга солиб, ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз. Гуруҳдан чиқишимиз учун ва мусобақани давом эттириш учун бошқа иложимиз йўқ. Эртага (яъни, бугун – «Дарё») ҳаммасини вақт кўрсатади, ким қандай тайёргарлик кўрганини 90 дақиқа давомида майдонда томоша қиламиз, ортиқча тавсифга ҳожат бўлмаса керак», – деди Абрамов журналистлар саволига жавоб берар экан.
Доҳа телевидениеси вакили Жасур Хасановга юзланиб, «Қатарга яна бир бор хуш келибсиз, бу ер сизга бегона эмас, ‘Ал-Садд’ борасида жамоадошларингиз билан ўртоқлашдингизми», –дея савол берди.
«Қатарда икки жамоада тўп сурганман, ‘Лаҳвия’ ва ‘Қатар Спорт’ клубларида, чемпионат доирасида ‘Ал-Садд’га қарши бир неча бор майдонга тушганман. Кучли жамоа, айниқса, ярим ҳимоя чизиғи, шундай бўлса-да ‘Садд’га қарши ўйинга тушганимда жамоам фақат ғалаба қозонган. Ўйлайманки, эртага ҳам айнан шундай бўлади», – дея жавоб қайтарди Жасур Хасанов.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 17 март куни Тошкент вақти билан 20:45 да, Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги 3-тур, “C” гуруҳидан ўрин олган учрашувда Қатарнинг «Ал-Садд» жамоаси Тошкентнинг «Локомотив» клубига қарши майдонга тушади.
Изоҳ (0)