Қирғизистон парламентида эшакларнинг оммавий сўйилишини ташкил қилишда иштирок этгани учун барча масъул органлар мансабдорларини жавобгарликка тортиш таклиф қилинди. Бу ҳақда аграр сиёсат, сув манбалари, экология ва минтақавий тараққиёт қўмитаси мажлисида депутат Абдужафар Бекматов айтиб ўтди, деб ёзади «24.kg».
Унинг сўзларига кўра, ҳеч қайси масъул орган юзлаб эшакларни сўйган эгасиз кушхонага нисбатан чора кўрмаган. «Одамларга эшак гўштини едиришди. Менимча, масъул органлар раҳбарлари бундай шармандаликдан сўнг истеъфо бериши керак. Уларнинг барчаси жиноят иштирокчилари ёки камида ўз вазифаларига совуққонлик билан муносабатда бўлгани учун жавобгардир», — деди Бекматов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бишкек яқинида пойтахтдаги қаҳвахоналарга сотиш учун мўлжалланган эшак гўшти аниқлангани хабар берилган эди.
Маълум бўлишича, Чуй вилояти Сўқулуқ туманидаги Манас қишлоғида эшак гўштини бўлаклаш бўйича бутун бир цех топилган. Тезкор маълумотларга кўра, нимталанган эшак гўштлари Бишкекдаги таниқли чойхоналарга келиб тушган.
Чуй вилояти ИИББ хабарига кўра, аввалроқ ушбу факт бўйича жиноий иш қўзғатилган, бироқ у босди-босди қилиб юборилган.
Изоҳ (0)